BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқуловнинг Европа мамлакатлари бўйлаб амалга ошираётган бизнес сафари Италияда ҳам истиқболли мулоқотлар билан давом этмоқда.
Сафар доирасидаги навбатдаги музокаралар жорий йилнинг 24 октябрь куни Милан шаҳрида HT HOLDING президенти Роберто Туччи билан бўлиб ўтди.
Шу йилнинг 5 октябрь куни Тошкентда ўтказилган мулоқотларнинг мантиқий давоми бўлган ушбу учрашувда томонлар ўзаро инвестициявий алоқаларни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни янги босқичга олиб чиқиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Музокаралар марказида Жиззах вилоятининг Бахмал туманидаги BMB ZA’FARON плантациялари майдонини кенгайтириш, қайта ишлаш қувватларини ошириш ҳамда ўзбек заъфарони ва ундан тайёрланган маҳсулотларнинг экспорт географиясини янги халқаро бозорлар ҳисобига кенгайтириш масалалари турди. Бундан ташқари, иқтисодиётнинг бошқа истиқболли йўналишларида ҳам манфаатли қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Учрашувда, шунингдек, жаҳон футболи афсоналари, Италия терма жамоаси сафида жаҳон чемпионлари Марко Матерацци ва Кристиан Заккардо ҳам иштирок этди. Улар билан миллий BMB ZA’FARON бренди маҳсулотларини кенг тарғиб қилиш ва уларнинг халқаро миқёсда оммалашувини таъминлаш юзасидан ҳам келишиб олинди.
Мулоқот чоғида томонлар BMB HOLDING ва HT HOLDING ўртасидаги шериклик алоқаларини ривожлантириш юқори натижалар бераётганини таъкидлаб, заъфарон етиштириш ва қайта ишлаш лойиҳаси улкан салоҳиятга эга эканини алоҳида эътироф этдилар. Қайд этилишича, ўзбек заъфаронининг юқори сифати ва халқаро бозордаги ортиб бораётган талаб қўшма саъй-ҳаракатларни янада жадаллаштиришни талаб этмоқда.
Дўстона ва ишчан руҳда бўлиб ўтган учрашув якунида томонлар мавжуд тажрибадан самарали фойдаланган ҳолда ҳамкорликни нафақат қишлоқ хўжалиги, балки бошқа манфаатли тармоқларга ҳам татбиқ этиш ва истиқболли ташаббусларни биргаликда амалга оширишга келишиб олдилар.
Европа мамлакатлари бўйлаб бизнес сафар доирасида бўлиб ўтадиган кейинги музокаралар, шунингдек, уларнинг натижалари ҳақида саҳифаларимиз орқали батафсил маълумот бериб борамиз.