Жорий йил 21 июль куни BMB HOLDING Бош директори ўринбосари Сардор Розуқулов бошчилигидаги делегациянинг Россия Федерациясига амалга ошираётган ишчи сафари доирасидаги навбатдаги манзили Екатеринбург шаҳри бўлди.
Ўзбекистон Республикасининг Екатеринбург шаҳридаги Бош консули Жахонгир Пармановнинг бевосита кўмагида бир қатор Россиянинг етакчи савдо тармоқлари ва қайта ишлаш йўналишида фаолият юритувчи компаниялари билан амалий учрашувлар ташкил этилди.
Жумладан, “Монетка” савдо тармоғи харидлар бўлими раҳбари Елена Вагнер билан бўлиб ўтган музокаралар давомида, BMB HOLDING маҳсулотларини мазкур тармоқ орқали тўғридан-тўғри етказиб бериш масалалари, логистика шартлари ва савдо имкониятлари муҳокама қилинди. Томонлар маҳсулотларни ушбу тармоқ орқали Россия бозорида мунтазам тақдим этиш борасида ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.
Шуни таъкидлаш лозимки, “Монетка” савдо тармоғи Россия бўйлаб кенг қамровли инфратузилмага эга бўлиб, 3200 дан ортиқ дўкони фаолият юритмоқда. Шунингдек, компания Тюмень ва Новосибирск шаҳарларида логистика омборлари ва тарқатиш марказларига ҳам эга бўлиб, ҳафталик савдо аукционларини йўлга қўйган.
Ташриф доирасида, шунингдек, делегация мингдан ортиқ филиалга эга бўлган “Авертон” компанияси ишлаб чиқариш майдонларига ташриф буюриб, корхона фаолияти билан яқиндан танишди. Компания бош директори ўринбосари Виктор Белых билан бўлиб ўтган музокаралар чоғида, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қуритилган сабзавотлар ва томат пастасини синов тариқасида етказиб бериш, келгусида эса маҳсулот ҳажмини оширган ҳолда доимий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.
Умуман олганда, Ўзбекистон Республикасининг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулиги кўмагида ташкил этилган мазкур ташриф, BMB HOLDING учун Россия бозорида янги ва ишончли ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, экспорт ҳажмини ошириш ва маҳсулотларни кенг қамровли савдо тармоқлари орқали тарқатиш имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади.
BMB HOLDING Ахборот хизмати