Ўзбек шахматчиси ва BMB HOLDING бренд-амбассадори Умида Омонова Грузиянинг Батуми шаҳрида аёллар ўртасида ўтказилаётган шахмат бўйича жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этди.
Турнир беш босқич, ярим финал ва финалдан иборат бўлиб, дунё бўйлаб 107 нафар энг кучли спортчиларни бир жойга жамлаган ҳолда, халқаро шахмат тақвимида муҳим воқеа сифатида қайд этилди.
Мамлакатимиз ва халқаро мусобақаларнинг кўп карра ғолибаси бўлган У.Омонова бу сафар ҳам Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилди. Қизғин курашлар давомида у стратегик фикрлаш қобилияти ва юксак тайёргарлигини намоён этишга муваффақ бўлди.
Дастлабки босқичларда Умида франциялик Софи Миллет, польшалик Алина Кашлинская ва Қозоғистон вакили Элназ Калиахмет устидан ишончли ғалабаларни қўлга киритди. 4-босқичда эса у турнирнинг умумий рейтинг бўйича пешқадами — гроссмейстер Лей Тинцзе билан беллашди ва шу учрашувдан сўнг мусобақадаги иштирокини якунлади. Алоҳида таъкидлаш жоизки, Умиданинг кўрсатган натижаси ўзбекистонлик спортчилар орасида энг юқори кўрсаткич бўлди.
2023 йилдан буён У. Омонова BMB HOLDING бренд-амбассадори сифатида фаолият юритиб келмоқда. Ҳозирда у Халқаро шахмат федерацияси (FIDE) рейтингида 18 511 нафар шахматчи орасида 7443-ўринни эгаллаб турибди.
Умиданинг бундай нуфузли турнирда иштирок этиши — унинг спорт фаолиятида муҳим босқич ва келажакда ўз самарасини берадиган бебаҳо тажриба бўлиб қолади.
Батумидаги мусобақа шахмат ривожининг анъаналарини давом эттирмоқда ва келажак гроссмейстерлари учун муҳим тажриба майдони вазифасини ўтамоқда. Умида Омонова каби спортчиларнинг иштироки — Ўзбекистонда шахматчиларни тайёрлашга қаратилаётган эътибор даражасини яққол намоён этади.
BMB HOLDING мамлакатимизда ёшлар ўртасида спортни ривожлантириш, шунингдек аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга мунтазам равишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
BMB HOLDING Ахборот хизмати