Жорий йилнинг 30 июль куни BMB HOLDING бош директори ўринбосари Сардорбек Розукулов ва Қатарнинг Tamam International компанияси таркибига кирувчи Tamam Capital бош директори Dr. Мурод Алий ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Ҳолдинг таркибига кирувчи компанияларнинг экспорт салоҳияти, уларда ишлаб чиқарилаётган табиий заъфарон ва бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Шу билан бирга, томонлар ҳамкорликда заъфарон ва заъфаронли маҳсулотларни Қатарга экспорт қилиш, Tamam International компаниясига мамлакатимиз ҳудудларида консалтинг хизматини кўрсатиш ва Қатарда юқори талабга эга бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Юқорида муҳокама қилинган масалалар меҳмонларда катта қизиқиш билан кутиб олинди ва музокаралар якунида томонлар ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳақида келишиб олинди.
Шу куннинг ўзида яна бир самарали учрашув бўлиб ўтди. Унда BMB HOLDING Кузатув Кенгаши раиси маслаҳатчиси Анвар Муминов ва Уммон султонлигининг Arabian Industries компанияси бош директори Амер Сулеймани иштирок этдилар.
Дастлаб уммонлик меҳмонларга Ҳолдинг ишлаб чиқариш қувватлари ва экспорт имкониятлари ҳақида атрофлича маълумот бериб ўтилди.
Музокаралар давомида томонлар ўртасида заъфарон ва заъфаронли маҳсулотларни Уммон Султонлигига экспорт қилиш, Ўзбекистонда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш ва инвестициялар жалб этиш, HoReCa йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини янада ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳолдинг бош офиси биносида бўлиб ўтган ҳар икки учашув Ўзбекистон, Қатар ва Уммон давлатлари ўртасидаги иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, мамлакатимиздаги инвестициявий муҳитни янада яхшилашга хизмат қилади.
BMB HOLDING Ахборот хизмати