Бугунги кунда глобал иқлим ўзгариши, табиий сув манбалари ҳажмининг қисқариши ва аҳоли сонининг ортиб бориши шароитида сув ресурсларини оқилона бошқариш стратегик аҳамият касб этмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалигида сувдан тежамкор фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда ресурсларни илмий асосда тақсимлаш барқарор ривожланишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Мутахассислар ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга қадар Сирдарё ҳавзасида сув ресурслари 5 фоизгача, Амударё ҳавзасида эса 15 фоизгача камайиши мумкин. Шу билан бирга, аҳоли сонининг ортиши ва иқтисодиёт тармоқларининг кенгайиши сувга бўлган талабни янада оширмоқда. Бу эса сув ресурсларини бошқаришни нафақат агротехник вазифа, балки миллий хавфсизлик ва озиқ-овқат барқарорлиги билан боғлиқ стратегик масалага айлантирмоқда.
Маълумки, мамлакатимизда сув сарфининг асосий қисми қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келади. Шу боис ушбу соҳада тежалган ҳар бир куб метр сув иқтисодий самарадорликни ошириш, экологик мувозанатни сақлаш ва келгуси авлодлар манфаатларини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга.
Илмий ёндашув – самарали бошқарув асоси
Замонавий шароитда сув ресурсларини бошқариш аниқ ҳисоб-китоблар ва илмий таҳлилларга таянган ҳолда амалга оширилиши зарур. Бу борада BMB HOLDING тизимида шаклланган ёндашув эътиборга молик. Ҳолдингда сув ресурсларини бошқариш жараёни тизимли мониторинг ва таҳлил асосида ташкил этилган.
Дала майдонларида тупроқ таркиби, намлик даражаси, иқлим омиллари ва сув сарфи доимий кузатиб борилади. Замонавий агрометеорологик ускуналар, намлик сенсорлари ва рақамли таҳлил платформалари орқали олинган маълумотлар асосида суғориш графиги шакллантирилади. Бу эса қарор қабул қилиш жараёнини субъектив ёндашувдан чиқариб, аниқ маълумотларга асосланган бошқарув моделини таъминлайди.
Жиззах вилоятидаги амалий натижалар
Ҳолдингнинг Жиззах вилояти Арнасой, Бахмал ва Ғаллаорол туманларидаги қишлоқ хўжалиги майдонларида сув тежаш технологиялари босқичма-босқич жорий этилмоқда. Ҳудуднинг табиий-иқлим шароити, сув таъминоти даражаси ва тупроқ хусусиятлари чуқур таҳлил қилиниб, суғориш тизими такомиллаштирилди.
Хусусан, тупроқда намликни узоқ сақлаш мақсадида гидрогель технологияси амалиётга татбиқ этилди. Икки йиллик синовлар натижасига кўра, ушбу технология суғориш жараёнида 40–45 фоизгача сув тежаш имконини бериши аниқланди.
Инновацион ечим – гидрогель технологияси
Қўлланилаётган AgroNanoGel Basic гидрогели замонавий илмий ишланмалар асосида яратилган полимер материал бўлиб, тупроққа аралаштирилганда катта миқдорда сувни сингдириб, уни босқичма-босқич ўсимлик илдизига қайта узатиш хусусиятига эга.
Гидрогелнинг асосан тупроқда намликни узоқ муддат сақлаш, суғоришлар сонини камайтириш, қурғоқчилик таъсирини юмшатиш каби афзалликлари мавжуд.
Амалий кузатувлар гидрогель қўлланилган майдонларда тупроқ намлиги барқарор сақланишини ва сув сарфи сезиларли даражада қисқарганини кўрсатмоқда.
Тизимли ёндашув ва инфратузилма модернизацияси
Сув ресурсларини самарали бошқариш фақат битта технология билан чекланмайди. Ер майдонларини лазерли текислаш, дренаж тизимларини такомиллаштириш, сув каналларини модернизация қилиш ҳамда транспортировка жараёнидаги йўқотишларни камайтириш каби чора-тадбирлар ҳам комплекс равишда амалга оширилмоқда.
Суғориш режими илмий ҳисоб-китоблар асосида белгиланади, сув тақсимоти доимий назорат қилинади. Бу нафақат сув сарфини, балки энергия харажатларини ҳам камайтиришга хизмат қилади.
Экологик ва иқтисодий самара
Сувдан оқилона фойдаланиш табиий экотизимларни муҳофаза қилишда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу тупроқ шўрланишининг олдини олиш, ер деградациясини камайтириш ва сув экотизимларини сақлашга хизмат қилади.
Иқтисодий жиҳатдан қараганда, 40–45 фоизгача сув тежалиши ишлаб чиқариш харажатларини камайтириб, маҳсулот таннархини пасайтиради ва рақобатбардошликни оширади.
Хулоса қилиб айтганда, сув танқислиги глобал муаммо бўлиб, унга қарши курашишда илмий асосланган ва инновацион ёндашув ҳал қилувчи аҳамиятга эга.