BMB Za'faron – sifat kafolati
Boshqa yangiliklar
21.04.2026 / Без рубрики

“РОСТОК” ВА “ТРОЙКА” КОМПАНИЯЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

16.04.2026 / Без рубрики

РАСМИЙ МУНОСАБАТ

15.04.2026 / Без рубрики

ҚИРҒИЗИСТОН ВА ПОЛЬША ИШБИЛАРМОНЛАРИ БИЛАН ЯНГИ ҲАМКОРЛИК ИСТИҚБОЛЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

13.04.2026 / Без рубрики

BMB HOLDING БРЕНД-АМБАССАДОРИ ШАХМАТ БЎЙИЧА ХАЛҚАРО ГРОССМЕЙСТЕР!

07.04.2026 / Без рубрики

ЛАТВИЯНИНГ EUROIMPEX КОМПАНИЯСИ БИЛАН ҲАМКОРЛИК ЙЎЛГА ҚЎЙИЛМОҚДА

23.04.2026 / Без рубрики

БАҲОРГИ ЭКИН МАВСУМИДА ҚОВОҚЧИЛИКНИНГ ИЛМИЙ-ИННОВАЦИОН МОДЕЛИ: BMB HOLDING ТАЖРИБАСИ

Баҳор фасли қишлоқ хўжалигида оддий мавсумий босқич эмас, балки бутун йиллик ишлаб чиқариш натижалари, иқтисодий самарадорлик ва бозор позициясини белгилаб берувчи ҳал қилувчи даврдир. Айниқса, полизчилик тармоғида баҳорги агротехник қарорлар ҳосилнинг ҳажми, сифати, сақланиш муддати ва экспортбоплик даражасига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатади. Қовоқчилик йўналишида эса ҳар бир кун, ҳатто ҳар бир агротехник амалиётнинг вақти ва сифати келгуси даромадга бевосита боғлиқ.

Бугунги глобал иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг чекланганлиги, тупроқ унумдорлигининг пасайиши, минерал ўғитлар нархининг ўсиши ҳамда бозорда эрта ва сифатли маҳсулотга бўлган талабнинг ортиши анъанавий ёндашувларни қайта кўриб чиқишни талаб этмоқда. Шу нуқтаи назардан, BMB HOLDING таркибидаги BMB AGRO томонидан қовоқчиликда жорий этилаётган илмий-амалий инновацион модель нафақат корхона, балки миллий агросаноат учун ҳам намунавий ечим сифатида намоён бўлмоқда.

Республикамизда қовоқ етиштириш амалиётида асосан уруғни тўғридан-тўғри очиқ майдонга экиш усули қўлланилади. Бир қарашда бу усул арзон ва содда туюлса-да, амалиётда у қатор агробиологик ва иқтисодий хавфларни келтириб чиқаради.

Аввало, баҳор ойларида тупроқ ҳароратининг кескин ўзгарувчанлиги уруғнинг бир маромда унишига тўсқинлик қилади. Март ва апрель ойларида кундузги иссиқлик билан тунги совуқ ўртасидаги катта фарқ уруғда стресс ҳолатини юзага келтириб, униш фоизини пасайтиради. Иккинчидан, намлик режимидаги беқарорлик – айрим ҳудудларда ортиқча нам, бошқа ҳудудларда эса қурғоқчилик – уруғнинг чириш ёки умуман чиқмай қолишига сабаб бўлади.

Учинчи муҳим чеклов – қайта экиш эҳтиёжининг пайдо бўлишидир. Мутахассислар фикрича, бу – уруғ сарфини оширади, меҳнат ва техника харажатларини кўпайтиради, агротехник календарни кечиктиради, ҳосилнинг бозорга чиқиш муддатини ортга суради, эрта нарх афзаллигини йўқотади.

Қовоқчиликда бозорга 7-10 кун эрта чиқишнинг ўзи ҳам даромадни сезиларли ошириши мумкин. Демак, анъанавий усулдаги ҳар бир кечикиш иқтисодий йўқотиш демакдир.

Юқоридаги хавф ва чекловларни таҳлил қилган ҳолда соҳа мутахассислари ва BMB HOLDING экспертлари қовоқчиликни янги босқичга олиб чиқиш учун илмий асосланган агротехнологик трансформацияни амалга оширди. Ушбу ёндашувнинг асосий моҳияти – уруғни тўғридан-тўғри майдонга экишдан кўчат технологиясига босқичма-босқич ўтишдир.

Бу қарор тупроқ агрохимияси, иқлим маълумотлари, сув таъминоти, биологик ривожланиш фазалари ва иқтисодий самарадорлик таҳлили асосида қабул қилинди. Иссиқхона шароитида бошланғич ривожланиш босқичини хавфсиз муҳитда ташкил қилиш орқали ўсимликнинг энг нозик фазаси ҳимоя қилинади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, натижада, униш фоизи барқарорлашади, кўчатлар бир хил ривожланади, стресс омиллари камаяди, далага ўтказилганда яшовчанлик юқори бўлади.

BMB AGRO амалиётида қовоқ уруғлари март ойининг биринчи ўн кунлигида махсус иссиқхона шароитида экилади. Бу ерда ҳар бир биологик омил қатъий назорат қилинади, ҳарорат доимий оптимал диапазонда ушлаб турилади, намлик автоматик мониторинг асосида бошқарилади, озуқа муҳити мувозанатли таъминланади, фитосанитар хавфлар минималлаштирилади, ташқи иқлим стресслари бартараф этилади.

Апрель ойига келиб эса, кучли илдиз тизимига эга, биринчи палак чиқарган, ташқи муҳитга мослашувчан, биологик жиҳатдан барқарор, кўчириб ўтказишга тайёр кўчатлар шаклланади.

Ушбу ёндашувнинг энг катта устунлиги шундаки, далага оддий уруғ эмас, балки ривожланишнинг хавфли бошланғич босқичини муваффақиятли босиб ўтган тайёр ўсимлик ўтказилади.

Кўчат технологияси қўлланилган майдонларда қовоқ ўсимликлари далага ўтказилгандан кейин 2 – 3 кун ичида фаол илдиз ёйишни бошлайди. Бу тупроқ билан тез интеграциялашув, минерал моддаларни тез ўзлаштириш ва фотосинтез жараёнининг эрта фаоллашувига хизмат қилади. Натижада, гуллаш фазаси анча эрта бошланади, мева тугиш даври қисқаради, ҳосил бир текис шаклланади, товарбоплик даражаси ошиб, бозорга чиқиш муддати камаяди.

Эрта маҳсулот ички бозорда ҳам, экспорт сегментида ҳам юқори нархда баҳоланиши инобатга олинса, мазкур ёндашув корхонага қўшимча маржинал даромад келтиради.

BMB AGRO технологиясида кўчатларни далага ўтказиш жараёнида ҳар бир ўсимликка 200–250 грамм миқдорида локал старт озуқа бирлиги берилади. Бу ечим ўсимликнинг илк ривожланиш суръатини белгилаб беради.

Ушбу агротехник ёндашув илдиз ривожланишини тезлаштириб, палак шаклланишини кучайтиради, гул шонаси чиқишини фаоллаштиради ва кўчатнинг стрессга чидамлилигини оширади. Натижада мева калибри, ташқи кўриниши ва товарбоп сифати сезиларли даражада яхшиланади.

Кўчат технологияси жорий қилиниши натижасида қатор иқтисодий афзалликлар шаклланади, хусусан, уруғ сарфи сезиларли камаяди, қайта экиш деярли бартараф этилиб, меҳнат унумдорлиги ошади, сув сарфи оптималлашади, энергия ва техника харажатлари қисқариб, маҳсулот таннархи пасаяди.

BMB HOLDING тизимида амалга оширилаётган қовоқчилик тажрибаси шуни яққол кўрсатмоқдаки, замонавий агросаноатда муваффақият илмий таҳлил, инновацион технология ва тизимли бошқарув уйғунлигига таянади.

Анъанавий уруғ экишдан кўчат технологиясига ўтиш орқали:

  • биологик хавфлар камайтирилади;
  • иқтисодий самарадорлик оширилади;
  • маҳсулот сифати яхшиланади;
  • рақобат устунлиги кучайтирилади;
  • экспортбоп ҳосил улуши ортади.

Энг асосий хулоса шундаки, баҳорги мавсумда қабул қилинган ҳар бир тўғри агротехник қарор йил якунидаги иқтисодий натижани белгилаб беради. Қовоқчиликда инновация бугунги кунда шунчаки танлов эмас, балки юқори самарадор агробизнеснинг объектив зарурати ҳисобланади.

Bizni ijtimoiy tarmoqlarda kuzatib boring

Bizning xizmatlarimiz haqida ko'proq bilib oling

Kontaktingizni qoldiring