Жорий йилнинг 24 июнь куни BMB HOLDING вакиллари Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги Элчихонаси кўмагида Эроннинг етакчи компаниялари –“FAJR ISFAHAN Agriculture and Livestock Co.”, “PARS HOLDING Co.” ҳамда “DANEH CHIN Co.” раҳбарлари билан учрашув ўтказдилар.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни янада ривожлантириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ҳамда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда меҳмонларга мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган қулай шароитлар, ташқи савдо ва инвестиция фаолиятини ривожлантиришга қаратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди. Шунингдек, BMB HOLDINGнинг агросаноат, озиқ-овқат саноати, экспорт-импорт операциялари, логистика, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга ошираётган лойиҳалари ҳақида сўз юритилди.
Томонлар Эронни қарийб 90 миллион аҳолига эга йирик истеъмол бозори эканлигини, шу билан бирга Форс кўрфази, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиё мамлакатлари бозорларига чиқиш имконини берувчи муҳим логистика маркази сифатидаги аҳамиятини алоҳида қайд этдилар.
Учрашув доирасида эронлик меҳмонлар BMB HOLDING шоурумида намойиш этилган маҳсулотлар билан танишиб, уларнинг сифати ва экспорт салоҳиятига юқори баҳо беришди.
Конструктив ва дўстона руҳда ўтган музокаралар якунида томонлар савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар. Шунингдек, эронлик ҳамкорлар BMB HOLDING вакилларини Эрон Ислом Республикасига ташриф буюришга таклиф этди.