Жорий йилнинг 3 июль куни BMB HOLDING вакиллари Хитойнинг Guizhou Mingcheng Agricultural Commercial Tourism Investment and Development Co. LTD ва Guizhou Beicheng Business Services Co., Ltd. Компаниялари раҳбарияти Гуо Шон ҳамда Тонг Чжэньцзи иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани, шунингдек, ишбилармонлик ва инвестициявий алоқалар янги босқичга кўтарилаётгани алоҳида таъкидланди.
Учрашув давомида меҳмонларга Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, мамлакатимизда яратилган қулай инвестиция муҳити ҳамда BMB HOLDING томонидан агросаноат, озиқ-овқат саноати, экспорт-импорт, логистика, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга оширилаётган йирик лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот тақдим этилди.
Томонлар туризм соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларини ҳам муҳокама қилиб, Хитойдан Ўзбекистонга ташриф буюрувчи туристлар оқимини ошириш, шунингдек, Бўстонлиқ ва Зомин туманларида жойлашган Za’faron Premium Hotel мажмуаларида танишув турлари ҳамда маданий тадбирларни ҳамкорликда ташкил этиш масалалари юзасидан фикр алмашдилар.
Шунингдек, Хитой делегацияси BMB HOLDING шоурумида намойиш этилган экспортбоп маҳсулотлар билан яқиндан танишиб, уларнинг юқори сифати ва халқаро бозорлардаги рақобатбардошлигини юқори баҳолади. Айниқса, Холдинг томонидан ишлаб чиқарилаётган заъфарон маҳсулотларини Хитой бозорига экспорт қилиш, Гуйчжоу ва Юннань провинцияларида маҳаллий ҳамкорлар иштирокида заъфаронли чой ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан атрофлича музокаралар олиб борилди.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доиралари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни янада мустаҳкамлаш, қўшма инвестиция ва экспорт лойиҳаларини амалга ошириш ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мулоқотларни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқладилар.