Жорий йилнинг 26 август куни Ўзбекистон Республикасининг Беларусьдаги Элчихонаси кўмагида BMB HOLDING Ташқи иқтисодий алоқалар департаменти директори Бобир Яхяев ва Беларусьдаги йирик улгуржи импортёр ҳамда савдо тармоқларидан бири – Соседи компанияси ташқи иқтисодий алоқалар йўналиши раҳбари Галина Леоненя ва харидлар бўлими бошлиғи Татьяна Петрашкевичлар ўртасида видеоконференцалоқа шаклида музокаралар бўлиб ўтди.
Онлайн мулоқотда Ўзбекистон–Беларусь муносабатларининг янги босқичи, савдо-иқтисодий алоқаларнинг ўсиб бораётган динамикаси ҳамда икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, 2026 йил 9 июль куни Ўзбекистон ва Беларусь ўртасида стратегик шериклик муносабатларининг ўрнатилиши савдо, инвестиция ва ишбилармонлик алоқаларини янги мазмун билан бойитиш учун мустаҳкам замин яратди.
Мулоқотда Беларусь бозори BMB HOLDINGнинг экспорт географиясини кенгайтириш учун истиқболли йўналишлардан бири сифатида кўриб чиқилди. Хусусан, янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, қуруқ мевалар, ёнғоқлар, дуккакли маҳсулотлар, музлатилган ва сублимацияланган маҳсулотлар, концентратлар ҳамда юқори қўшилган қийматга эга бошқа маҳсулотларни етказиб бериш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳамкорликнинг асосий мақсади барқарор ва узоқ муддатли савдо алоқаларини йўлга қўйишдан иборат. Шу нуқтаи назардан, BMB HOLDING Беларусь импортёрлари ва савдо тармоқлари талабларидан келиб чиқиб, маҳсулот турлари, қадоқлаш, техник спецификацияларни мослаштириш, шунингдек, шартнома асосида ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Музокараларнинг кейинги босқичида BMB HOLDING томонидан Беларусь бозори талабларига мослаштирилган аниқ тижорий таклифлар – маҳсулот ассортименти, техник спецификациялар, етказиб бериш ҳажмлари, нархлар ва шартнома шартларини ўз ичига олган пакетни шакллантириш режалаштирилди.
Мазкур мулоқот BMB HOLDINGнинг Беларусь бозоридаги экспорт имкониятларини кенгайтириш, миллий маҳсулотларни янги савдо каналларига олиб чиқиш ва икки мамлакат бизнес субъектлари ўртасида узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш йўлидаги амалий қадамлардан бири бўлди.