BMB HOLDING Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов Европа мамлакатлари бўйлаб амалга ошираётган бизнес сафари доирасида жорий йилнинг 20 октябрь куни Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган SIAL Paris 2026 халқаро озиқ-овқат кўргазмасида иштирок этди.
Мазкур кўргазма озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, халқаро савдо ва замонавий ишлаб чиқариш технологиялари соҳасидаги муҳим халқаро майдонлардан бири ҳисобланади. У ишлаб чиқарувчилар, экспортёрлар, импортёрлар, дистрибьюторлар ва инвесторлар ўртасида ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш, янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ҳамда истиқболли лойиҳаларни муҳокама қилиш учун кенг имконият яратади.
Тадбир давомида Бекзод Маматқулов “Labridis Bros” компанияси таъсисчиси Паделеимон Лабридис, “Real Fresh Agriculture” компанияси таъсисчиси Рама Фараг Ахмед, “Megafood Industries” бош директори Амир Хабиб ҳамда бошқа ўндан ортиқ компаниялар раҳбарлари билан B2B форматида музокаралар ўтказди.
Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини халқаро бозорларга етказиб бериш, савдо алоқаларини кенгайтириш, “Made in Uzbekistan” миллий брендини Европа бозорларида янада кенг танитиш, агросаноат соҳасига замонавий технологияларни жорий этиш, шунингдек, ҳамкорликда қайта ишланган маҳсулотларни учинчи давлатлар бозорларига экспорт қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш, ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш ва илғор технологик ечимларни амалиётга татбиқ этиш бўйича янги имкониятлар билан танишишга алоҳида эътибор қаратилди.
Бўлиб ўтган мулоқотда Бекзод Маматқулов юқорида қайд этилган компанияларнинг Греция ва Мисрдаги ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан танишиш учун ушбу мамлакатларга ташриф буюришга таклиф этилди. Ўз навбатида, компаниялар раҳбарлари ҳам Холдинг таркибидаги корхоналарнинг ишлаб чиқариш қувватлари ва имкониятлари билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистонга таклиф этилди.
BMB HOLDING учун мазкур халқаро кўргазма хорижий ҳамкорлар билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти географиясини кенгайтириш ҳамда истиқболли савдо-инвестициявий ташаббусларни ўрганиш учун муҳим платформа вазифасини ўтади.
Шу билан Холдинг Таъсисчилар кенгаши раиси Бекзод Маматқулов ўзининг Францияга бўлган бизнес сафарини якунлаб, Испания пойтахти Мадрид шаҳрига жўнаб кетди.