Жорий йилнинг 8 август куни BMB HOLDING бош офисида Ҳолдинг Кузатув Кенгаши аппарати раҳбари Хайрулла Набижонов ҳамда Agha Jee Herbal Clinic компаниясининг ижрочи директори Pirzada Ahmed Zia ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Музокаралар аввалида меҳмонга BMB HOLDING асосий фаолият йўналишлари, халқаро инвестициявий лойиҳалар, умумий ишлаб чиқариш қуввати ва экспорт салоҳияти, маҳсулот сифатини назорат қилиш тизими ҳамда халқаро стандартларга мувофиқлигини тасдиқловчи сертификатлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, томонлар ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, Agha Jee Herbal Clinic компанияси вакиллари томонидан BMB Za’faron бренди остида ишлаб чиқарилаётган маҳаллий заъфарон маҳсулотига катта қизиқиш билдирилди.
Бўлиб ўтган мулоқот давомида, икки ташкилот ўртасида юқори сифатли заъфарон ўсимлигидан фойдаланган ҳолда дори воситаларини ишлаб чиқишга қаратилган истиқболли лойиҳаларни йўлга қўйиш масаласи муҳокама қилинди.
Учрашув якунида томонлар ўртасида кўриб чиқилган масалалар юзасидан ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни бошлаш ҳамда қўшма режаларни ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
BMB HOLDING Ахборот хизмати