Жорий йилнинг 8 июль куни BMB HOLDING бош директори ўринбосари Хайрулла Набижонов Ўзбекистон Республикасининг Қатардаги элчихонаси кўмагида мамлакатнинг етакчи озиқ-овқат импортёр ва дистрибьюторларидан бири, Al Khalaf Group вакили Аҳмад Ҳусайн Ал-Халаф билан видеоконференция кўринишида мулоқот ўтказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистоннинг юқори сифатли қишлоқ хўжалиги ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини Қатар бозорига етказиб бериш ҳажмини кенгайтириш, шунингдек, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг янги йўналишларини йўлга қўйиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Томонлар агросаноат, ташқи савдо ва логистика соҳаларидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида эътибор қаратдилар.
Онлайн мулоқотда, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотлар, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича яратилган қулай шарт-шароитлар ҳамда BMB HOLDINGнинг агросаноат, озиқ-овқат саноати, экспорт-импорт, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида амалга ошираётган йирик лойиҳалари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, Al Khalaf Group вакиллари Ўзбекистон маҳсулотларининг юқори сифати, экологик тозалиги ва рақобатбардошлигига юксак баҳо бериб, мева-сабзавот, қайта ишланган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда бошқа турдаги товарларни импорт қилишга катта қизиқиш билдирдилар.
Конструктив руҳда ўтган онлайн музокаралар якунида томонлар амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар.